Thursday, April 30, 2009

Ҳижобда юрадиган муслима юқори лавозимга тайинланди

АҚШ президенти Барака Обама асли мисрлик Америка олимаси Далия Мугахедни президент маъмурияти ҳузуридаги дин ишлари билан шуғулланувчи махсус маслаҳат кенгашига тайинлаш тўғрисидаги буйруқни имзолади. Ҳижобда юрадиган муслима бундай лавозимга Америка тарихида биринчи бор тайинланди.

Далия Мугахед бутун дунё мусулмон жамоаларининг ҳаётини ўрганишга ихтисослашган «Gallup» ташкилотининг исломий тадқиқотлар бўлими мудирасидир. Ушбу тадқиқотлар «Wall Street Journal» ва «Harvard International Review» каби машҳур газета ва бошқа даврий нашрларда чоп этилади. Таъкидлаш жоизки, Мугахед хоним «Ислом номидан гапираётган ким? Миллионлаб мусулмонлар нима ҳақда ўйламоқдалар?» деб номланган китобнинг муаллифидир. Ушбу китоб дунёнинг 35 дан ортиқ мамлакатида яшовчи мусулмонларниг ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади.

Далия хоним «Ал-Арабийя» телеканалига берган интервьюсида ўзининг янги лавозимидаги мақсади президент Обамага мусулмонларнинг муаммолари ва уларнинг Американинг ҳозирги маъмуриятидан қандай ўзгаришларни кутаётганлиги ҳақида сўзлаб бериш эканлигини айтган. «Айни пайтда, - дейди у, - инсонлар динни тинмай пайдо бўлаётган муаммолар манбаи деб тушунмасликлари учун ҳаракат қилиш лозим». Шунингдек, Далия хонимнинг сўзларига кўра, кенгаш молиявий инқироз шароитида инсонларга ёрдам кўрсатиш, абортларга қарши кураш, мусулмонлар ва насронийлар ўртасидаги муносабатлар каби масалалар билан ҳам шуғулланади.

Далия хоним ўзининг маслаҳат кенгашидаги роли ҳақида сўзлар экан, менинг мақсадим мусулмонларнинг ижтимоий ҳаётини, уларнинг фикрлаш тарзи, қарашлари ва муаммоларини атрофлича ўрганишдан иборат бўлади, деб таъкидлади.


«Бу бугунги кунда айниқса долзарб ишдир, чунки Америка фуқаролари умуман олганда мусулмонларга салбий қарайдилар, уларнинг кўпчилик муаммоларнинг сабаби деб ҳисоблайдилар ва уларнинг мамлакат ижтимоий ҳаётидаги иштирокини маъқулламайдилар, - дейди Далия хоним. – Бироқ биз у ёки бу муаммоларнинг ечимини топиб, Америка жамиятининг тараққиётига ўз ҳиссамизни қўшмоқчимиз».

Ҳижоб билан боғлиқ муаммолар вужудга келиши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавобан Далия хоним бу омил унинг маслаҳат кенгашига тайинланишида ҳал қилувчи роль ўйнамаганлигини таъкидлади. «Обама учун мусулмонларнинг фикр-мулоҳазаларини билиш муҳимдир, мен эса буни президентга етказа оламан» - дейди Далия. Далия хонимнинг айтишича, аввал ҳам бир неча мусулмонлар, шу жумладан муслималар ҳам, Оқ уйдаги турли лавозимларга ишга қабул қилинган бўлиб, бу мусулмонларнинг Америка жамиятидаги аҳамияти ортиб бораётганлигини кўрсатади.

Интервью сўнгида Далия хоним ўзи раҳбарлик қилаётган «Gallup» бўлинмаси томонидан АҚШдаги мусулмонлар жамиятининг ҳаёти юзасидан олиб борилган тадқиқотлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Ушбу тадқиқот натижаларига кўра, мусулмонлар Америка жамиятининг энг маълумотли вакилларидан бири бўлиб, шу туфайли улар юксак профессионал малака ва билимлар талаб қилинадиган соҳаларда ишлаб келмоқдалар.

http://info.islom.uz/

1 comment:

  1. Muslima o'zini ishlay olishi va aqlli ekanligini hammaga namoish qilishi shart emas, kofir Obamaning qo'lida KOFIR HUKUMAT uchu ishlashga bu ayol rozi bo'lib juda uyat va oxiratda javobi og;ir ishni qilibdi

    ReplyDelete