Thursday, October 21, 2010

Камxарж никоҳ барака келтиради


Оилавий турмуш баракали бўлишини, ҳаёти муҳаббат ва тақволи фарзандлар билан тўлишини истовчилар Аллоҳ расули саллалоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги гапларига амал қилмоғи лозим: “Энг баракали никоҳ энг кам харажат сарфланадиган никоҳдир”. 
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам яна таъкидлайдиларки, “Энг яхши аёл маҳри кам аёлдир” (Ибн Ҳиббон ривояти).
Яна бир бошқа ҳадисда Расуллуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Совчиларга тез рози бўлиш, маҳрнинг кам бўлиши ва тез фарзандли бўлиш аёлнинг барака соҳибаси эканидандир” (Канзул Уммал ривояти). 
Никоҳнинг дастлабки шарти бўлган маҳрнинг кам сарфлашни тарғиб этувчи шариат, албатта, тўй маросимида ҳам камхарж бўлишни буюради... Ҳазрат Суфён Саврий разияллаҳу анҳу айтадиларки, келиннинг ўзи билан  нима олиб келганига кўз тиккан куёв ўғридир. Ҳаётларининг нури бўлган, машаққатлар билан вояга етказилган қизларини берганлари учун шукр қилиш ўрнига куёвнинг келин олиб келадиган матоҳларига кўз тикиши унинг ахлоқсизлигидандир. Худди шунингдек, куёвнинг келин томонга, улардан ҳам ҳадя қайтади, деган умид билан совға жўнатиши ҳам номақбул ишдир.
Қиз одатда ота-онасига оғирлиги тушмаслигини истайди. Шундай экан, қиз турмушга чиққанида ота-онаси унга кам нарса берса ҳам ёки умуман ҳеч нарса бермаса ҳам кўнглига олмайди. “Аммо қайнонам ва қайин опа-сингилларим мени мазах қилади, одамлар оиламни назарга илмайди”, дея қайғуриш мумкин. Куёвнинг ота-онаси келиннинг ота-онасидан рўйхати тузилган матоҳларни кутиши кўпчилик мамлакатларда одат бўлиб қолган. Улар ҳаттоки келин томондан куёвнинг ўзига нималар келиши, куёвнинг отасига, онасига ва ҳар бир опа-сингилу, ака-укаларига нималар юборилиши кераклигини талаб қилади. Рўйхатда кутилганидек сарполар берилмаганлиги қуда томоннинг кайфиятида келиннинг ота-онасига маълум бўлади. Бу одатлар барчаси адолатсиз ва шариатга зиддир. 
Шундай экан, ҳар бир аёл шуни ёдида тутиши керакки, эрта ёки кеч акаси, укаси ёки ўғли уйланганда у ҳам қайниопа, қайнисингил ёки қайнона бўлади. Тўйларда сарпо масалалари кўтарилар экан, онаси қуда томонга кераксиз сарпо талаблари қўйишига йўл қўймаслиги керак. 
Она қуда томонга бирор сарпо талабини қўйса, бу одат адолатсиз эканлигини, қайтар дунё қайтиб келиб, бир куни қизининг қайнона тарафи ҳам худди шундай оғир талаблар қўйиши мумкинлигини тушунтириши керак. Марҳамат фақат Аллоҳдан кутилиши керак. Ўзгаларни кераксиз харажатларга қўйиш Аллоҳнинг кучли ғазабини келтиради.

Муҳаммад Ҳаниф АбдулМажид
Муслима келинга ҳадя” китобидан
-------------------------------------------------------------------------------------------------
Ushbu maqolaning ingliz tilidagi matnini oldingi postimda qo'ygan edim. Uni o'zbek tilidagi variantini ham kengroq muxlislar doirasiga ega bo'lgan veb-saytlarda rasman e'lon qiliganidan so'ng shu yerga qo'yib bormoqchiman, xudo xohlasa. 

No comments:

Post a Comment